ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2018 ЙИЛ 14 МАЙДАГИ «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ҲАРБИЙЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ПҚ-3726-СОН ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА

0
172
Want create site? Find Free WordPress Themes and plugins.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва ходимларини ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоясини янада қўллаб-қувватлаш ва маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3726-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2020 йил 16 июнь,

ПҚ-4753-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 июндаги ПҚ-4753-сон қарорига
ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3726-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Номланиши «ҳарбийлари» сўзидан кейин «ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идораларнинг ходимлари» сўзлари билан тўлдирилсин.

2. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қуйидаги олий таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари) қабул қилиш учун 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг (кейинги ўринларда — вазирлик ва идоралар) хизматдаги офицерлари, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркиби фарзандлари учун беш фоизли квота, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг амалдаги шартнома бўйича хизмат қилаётган офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркиби хамда ходимлари (кейинги ўринларда — Миллий гвардия ҳарбийлари ва ходимлари) фарзандлари учун икки фоизли квота ажратилади:

республика олий таълим муассасаларига — давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари;

республика ҳарбий олий таълим муассасаларига — курсантларнинг умумий қабул сонидан».

3. 2-бандда:

«а» кичик банди «(кейинги ўринларда — ҳарбий хизматчилар)» сўзларидан кейин «шунингдек, Миллий гвардия ходимларининг» сўзлари билан тўлдирилсин;

«б» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«б) ажратилган беш фоизли квота чегарасида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини, шунингдек, ажратилган икки фоизли квота чегарасида Миллий гвардиянинг хизматдаги ҳарбийлари ва ходимларининг фарзандларини қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади ҳамда жойлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиққан ҳолда, навбатдаги кетма-кетлик тартибига мувофиқ тақсимланади»;

«в» кичик банди «ҳарбий хизматчиларга» сўзларидан кейин «(Миллий гвардия ходимларига)» сўзлари билан, «ҳарбий хизматчиларнинг» сўзларидан кейин «(Миллий гвардия ходимларининг)» сўзлари билан тўлдирилсин.

4. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар ўртасида олий таълим муассасаларига беш фоизли қабул квотасининг умумий ҳар йили тақсимланадиган жойлари қуйидаги нисбатда тақсимлансин:

Мудофаа вазирлиги — 45 фоиз;

Ички ишлар вазирлиги — 10 фоиз;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги — 13 фоиз;

Давлат хавфсизлик хизмати — 28 фоиз;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хавфсизлик хизмати — 2 фоиз;

Ўзбекистон Республикаси Электрон технологияларни ривожлантириш маркази — 2 фоиз».

5. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«4. Белгилансинки, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажаришда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизмат мажбуриятини (хизмат мажбуриятини) бажаришда ярадор бўлиши натижасида ногирон бўлиб қолган, контузия, шикаст олган ёки касалликларга дучор бўлган Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг офицерлари, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар ва Миллий гвардия ходимларининг фарзандлари вазирликлар ёки идораларнинг тегишли тавсияномалари асосида белгиланган қабул квоталаридан ташқари давлат гранти асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (иккинчи ва ундан кейинги олий таълимдан ташқари) танловсиз қабул қилинадилар».

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.06.2020 й., 07/20/4753/0773-сон)

Did you find apk for android? You can find new Free Android Games and apps.