Print

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ислом Каримовнинг

“Юксак маънавият - енгилмас куч”  асари   -   2008 йил “Маънавият” нашириётиад чоп этилди.      Китоб – муқаддима, 4 боб, 173 саҳифадан иборат

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари  биринчидан, мамлакатда маънавият асосчиси тарафидан яратилган, иккинчидан, ўтган ўн етти йил мобайнида бу борада амалга оширилган улкан маънавий ислоҳотларнинг таҳлилий хулосалари сифатида қоғозга тушган, учинчидан, унда ҳар бир масалага айнан бугунги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб ёндашилган, тўртинчидан, эл-юртнинг порлоқ келажаги учун жонкуярлик қилинган.

Китоб қуйидаги боб ва бўлимлардан иборат:

Биринчи боб

МАЪНАВИЯТ – ИНСОННИНГ УЛҒАЙИШ ВА КУЧ ҚУДРАТ 

МАНБАИДИР.

Маънавиятни англаш;

Маънавиятни шакллантирадиган асосий мезонлар;

Маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги.

Иккинчи боб

МУСТАҚИЛЛИК –МАЪНАВИЙ ТИКЛАНИШ ВА ЮКСАЛИШ

 Миллий ғоя ва маънавий ҳаёт;

 Маънавият ва жамиятнинг янгиланиши;

 Ислоҳотлар ва уларнинг маънавий мезони.

 Учинчи боб

МАЪНАВИЯТГА ТАҲДИД – ЎЗЛИГИМИЗ ВА КЕЛАЖАГИМИЗГА

ТАҲДИД

Глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар;

Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя .

Тўртинчи боб

ВАТАНИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

Инсон қалбига йўл;

Энг буюк жасорат.

 

АСАРДАН   ОЛИНГАН    АЙРИМ   ПАРЧАЛАР

 

Муқаддимадан:

Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўйдиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин. 

Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.

 

Биринчи бобдан:

Китобнинг илк боби биринчи бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маънавиятга “Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир” деб ўзига хос ва мукаммал таъриф беради.

 

Ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам. Жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир.

                         

Ўйлайманки, ер юзида қанча инсон, қанча тақдир бўлса, ҳар бирининг ўз маънавий олами бор. Маънавиятни тушуниш, англаш учун аввало инсонни тушуниш, англаш керак. Шунинг учун ҳам ўзлигини, инсоний қадр-қимматини англаб етган ҳар қандай одам бу ҳақда ўйламасдан яшашини тасаввур қилиш қийин.

 

Маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қиладиган яна бир муҳим ҳаётий омил – бу таълим-тарбия тизими билан чамбарчас боғлиқдир.

Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси.

Бу ҳақда фикр юритганда, мен Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё   саодат – ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзларини эслайман. Буюк маърифатпарвар бобомизнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

 

Иккинчи бобдан:

“...миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат”.

 

Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир.

 

Учинчи бобдандан:

Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки  бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади.

 

Ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг геополитик, иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация манзарасида чуқур ўзгаришлар рўй бераётган, турли мафкуралар тортишуви кескин тус олаётган бир вазиятда, барчамизга аёнки, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Тўртинчи бобдан:

Ер юзида барча ўлмас обидалар, инсоният ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган жамики улуғ кашфиёт ва ихтиролар, мумтоз санъат ва адабиёт дурдоналари, мардлик ва қаҳрамонлик намуналари одамзотнинг ақл-тафаккури, салоҳияти ва маънавий жасоарит маҳсулидир. Шунинг учун ҳам бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат – бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз.

 

ХОТИМАдан:

Маънавият қотиб қолган ақидалар йиғиндиси эмас, доимий ҳаракатдаги узлуксиз жараён бўлиб, тараққиёт давом этар экан, унинг шиддатли юриши туфайли маънавий ҳаёт олдига қўйиладиган талаблар ҳам муттасил пайдо бўлаверади.